Сайт тест режимида ишлаяпти! Сайт тест режимида ишлаяпти! Сайт тест режимида ишлаяпти!

Қўли гул маҳкумлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 август кунидаги 3200-сонли "Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда алоҳида ўрин тутганлигини эътироф этиш жоиз.

Жумладан, қарорда белгиланган вазифалар доирасида жазони ижро этиш тизими фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, маҳкумлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уларни иш билан таъминлаш мақсадида ижтимоий-фойдали меҳнатга жалб этиш амалиёти йўлга қўйилган. Тизим фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қарор қабул қилинганидан сўнг бу борадаги ишлар янада такомиллаштирилди.

Хусусан, муассасалар ҳузурида давлат унитар корхоналари ташкил этилиб, айни пайтда ишлаб чиқариш қувватларини кенг миқёсда янгилаш ва модернизация қилиш, инновацион технологиядарни жорий этиш орқали фаолиятни ривожлантириш, шу жумладан маҳкумларга қўшимча иш ўринлари яратиш масалаларига устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Мебель ишлаб чиқариш цехларига замонавий ёғоч кесиш ва унга ишлов бериш ускуналари, тикув цехларига тикув машиналари, пайпоқ тўқиш ва нақш босиш дастгоҳлари, паррандачилик фермаларига инкубаторлар харид қилиниб фойдаланишга топширилганлиги шулар жумласидандир.

Ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотлар, айниқса қурилиш маҳсулотлари ва мебель жиҳозлари юқори сифати ва нархининг арзонлиги билан харидорларга манзур бўлиб, уларга нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бормоқда. Ушбу фикрларимизга қурилиш маҳсулотларининг қўшни давлатларга экспорт қилинаётганлиги яққол мисол бўлаолади.

Ҳар бир муассаса ишлаб чиқариш ҳудудида ишга жалб этилган маҳкумлар билан меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича ўқув машғулотларини ташкил этиш учун зарур кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган алоҳида ўқув хоналари ташкил этилган.

Қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликка ихтисослашган манзил-муассасаларда ҳам тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда майда ва йирик шохли зотдор моллар харид қилиниб, уларнинг турлари кўпайтирилди. Натижада эса ёпиқ турдаги муассасаларни гўшт, сут ва парҳезбоп маҳсулотлар билан тўлиқ таъминлаш имконияти кун сайин кенгаймоқда.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим бўлган яна бир жиҳат, маҳкумларнинг фойдали меҳнатга жалб этилиши, уларни меҳнат орқали  тарбиялаш, касбий кўникмалари шаклланишига ҳам хизмат қилмоқда. Бу борада устоз-шогирд анъаналарига амал қилган ҳолда  янги келган маҳкумлар тажрибали маҳкумларга бириктирилиб, йўналиши бўйича амалий билимларини бойитиб боришмоқда. Ушбу анъана ўз ўрнида махсус контингентнинг касбга бўлган қизиқиши, шунингдек, озодликка чиққач ана шу касбда фаолият юритиши учун катта имконият яратиб беряпти.

Тизимда бундай анъананинг тўғри йўлга қўйилганлиги ва бугунги кунда изчил тарзда олиб борилаётганлиги ўз жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ҳунар эгаллашига хизмат қилиши билан бир қаторда маҳкумлар маънавий оламини бойитишга ҳам хизмат қилмоқда.

Маҳкумлар томонидан тайёрланган санъат дурдоналарини томоша қилар экансиз, ҳеч бир иш бир-бирини такрорламаслиги, ҳатто улардаги нақш ва шакллар ҳам турлича эканлигига гувоҳ бўласиз. Миллий ҳунармандчилик, хусусан ёғоч ўймакорлиги санъати намуналари бўлган турли қутилар, буюмлар, лавҳларга тушурилган нафис нақшлар, ганчкорлик ва наққошлик санъатини ўзида жо қилган майда ҳайкалтарошлик буюмларига берилган рангларда ўзига хос миллий ғоя ва тасаввур мавжуд бўлиб, бу махсус контингентнинг ўқиб изланаётганлигидан, тарихий адабиётларга мурожаат қилаётганлигидан дарак беради.

Маҳкумлар томонидан тайёрланаётган ҳунармандлик буюмлари савдосини ривожлантириш мақсадида сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудларда хусусан Самарқанд ва Бухоро вилоятларида алоҳида савдо дўконлари ташкил этилган бўлиб, айни пайтда маҳсулотларга маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар томонидан қизиқиш тобора ортиб бормоқда.