Сайт тест режимида ишлаяпти! Сайт тест режимида ишлаяпти! Сайт тест режимида ишлаяпти!

Муассасаларда маҳкумларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам

Ҳеч биримизга сир эмас, ўтган 2017 йил мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини бошлаб берди. Айнан шу йили қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисидаги фармон эса давлат ва жамиятнинг жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришга хизмат қилди. Энг асосийси ҳужжатда ўз аксини топган чора-тадбирлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, оптимал равишда амалга оширилишини таъминламоқда.

Бу, албатта, ички ишлар органлари тизими, хусусан вазирлик жазони ижро этиш бош бошқармаси фаолиятига ҳам дахлдор бўлиб, ўтган давр мобайнида соҳа фаолиятига доир қатор қарорлар қабул қилинди, албатта уларнинг туб негизида билиб билмай жиноят содир этган шахсларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш, жазо муддатини ўташ шароитини янада яхшилаш масаласи алоҳида ўрин тутди.

Жумладан, ўтган давр мобайнида тизим муассасаларининг тиббиёт бўлимлари бугунги кун талаблари асосида қайта қурилди, баъзилари капитал таъмирланиб, айримлари тўлиқ реконструкция қилинди. Энг сўнгги, замонавий русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бир сўз билан айтганда халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди.

Айни кунларда барча жазони ижро этиш муассасаларида  жазо муддатини ўтаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш қонунчилиги ва Ички ишлар вазирлигининг меъёрий ҳужжатлари асосида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Махсус контингент ўртасида соғлом турмуш тарзи ва санитар-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва тўғри ташхис қўйиш, самарали даволаш ва соғломлаштириш тадбирлари дастури доирасида ташкил этилган мазкур тадбирга жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳамда маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонанинг малакали шифокор-мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳ жалб этилган бўлиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрик жараёнида текширувларнинг сифат ва самарадорлигига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча 11 нафар малакали мутахассисдан иборат ишчи гуруҳ Тошкент вилоятида жойлашган УЯ 64/45-муассасада бўлиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларни тўлиқ чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди. Яна бир эътиборли жиҳати текширувлар жараёнида энг сўнгги, замонавий махсус тиббий асбоб-ускуналар ва инновацион технологиялардан кенг фойдаланилди.

Жазони ижро этиш муассасаларининг даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатиш бўлимларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, малакали кадрлар билан таъминлаш масаласидан тортиб, моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, дори-дармон таъминоти Вазирлик жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбариятининг доимий диққат марказида.

Белгиланган режа асосида ўтказилиб келинаётган ушбу чуқурлаштирилган тиббий кўриклар жараёни эса юқоридаги фикрларнинг мантиқий давоми бўлиб, бугунги тадбирда барча тор доирадаги мутахассислар кўриги, жумладан, отоларинголог, офтальмолог, хирург, кардиолог, инфекционист, дерматокенеролог, невролог, эндоскописти стоматолог, УТ ва ЭКГ текширувлари ҳамда лаборатория таҳлиллари ўтказилмоқда.

Қолаверса, “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал” деганларидек малакали мутахассислар иштирокчиларга соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, тиббий маданиятни юксалтириш юзасидан тегишли тавсия ва маслаҳатлар ҳам бериб боришмоқда.

Мазкур тадбирлар замирида маҳкумларни оиласи бағрига, жамиятга нафақат хатоларини англаган, соғлом маънавиятли инсон қилиб, балки жисмонан ҳам соғлом қилиб қайтариш мақсади мужассам. Чунки, бу адашган шахслар хам келажакда жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланишади. Уларнинг жамиятда ўз ўринларига эга бўлишида, шунингдек, келажакка ишонч билан боқишларида эса саломатликнинг ўрни беқиёс, дейди Бош бошқарма Даволаш профилактика ёрдамини кўрсатиш бўлими бошлиғи Баҳодир ака Юсупов биз билан суҳбатда.

Дарҳақиқат, жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилиб келинаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар махсус контингентнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаб, зарурий тиббий ёрдам кўрсатишга хизмат қилиши билан бир қаторда, тиббий профилактика ва даволаш ишлари сифати ҳамда самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.

Ушбу фикрларимизга тиббий кўрик натижаларига кўра мазкур муассасада жазо муддатини ўтаётган 290 нафар маҳкум муассаса ДПЁК бўлимида амбулатор, 57 нафари стационар равишда даволанишга тавсия этилиб, 43 нафарига эса маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонага йўлланмалар берилганлиги яққол мисол бўлаолади.

Албатта, стационар ва даволанишга йўлланма берилганлар учун юқорида таъкидлаганимиздек тизим тиббиёт бўлимларида барча қулайликлар ва зарурий шарт-шароитлар яратилган, дори-дармон воситалари билан тўлиқ таъминланган.

Бу эса юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифа бўлиб, унинг амалда қўлланилаётганлиги ва кафолатланганлигининг яққол тасдиғидир.  

Уюшқоқлик билан ташкил этилиб келинаётган мазкур чуқурлаштирилган тиббий кўрик жараёни жорий ой сўнгига қадар тўлиқ якунига етказилиши режалаштирилган.