Сайт тест режимида ишлаяпти! Сайт тест режимида ишлаяпти! Сайт тест режимида ишлаяпти!

ИСЛОҲОТЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА

Ҳар бир мамлакатнинг куч-қудрати, жаҳон миқёсидаги нуфузи, обрў-эътибори, энг аввало, шу юртда одамлар қандай ҳаёт кечираётганлигига қараб белгиланади. Зеро, бугунги кунда давлат ва жамиятнинг тараққиёт кўрсаткичи инсон ва унинг манфаатлари, турмуш даражасига берилаётган эътибор, шу йўлдаги саъй-ҳаракатлар билан ўлчаниши барчамизга аён.

Шу маънода бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасига оид ислоҳотлар жадаллашиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва алоҳида назорати доирасида амалга оширилмоқда.

Биргина мисол, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш бош бошқармаси ва унинг тасарруфидаги тизим муассасалари фаолиятига оид кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг туб негизида билиб билмай жиноят содир этган шахсларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, жазо муддатини ўташи учун қулай муҳит яратиш алоҳида ўрин тутди.

Ушбу фикрларнинг амалдаги исботини жазони ижро этиш жойларида жазо муддатини ўтаётган шахсларга жазо ўташи учун қулай шарт-шароит яратиш, жазоловчи тизим деган эскича қарашдан воз кечган ҳолда қайта тарбиялаш маскани сифатида, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсонга, жамиятга, меҳнатга, жамият турмуши қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш борасида амалга оширилиб келинаётган ислоҳотларда кўришимиз мумкин.

Хусусан, жорий йилнинг май ойида Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбарияти ташаббуси ва таклифлари асосида тайёрланган янги намунадаги ёзги кийим бошлари тажриба-синов ўтказиш учун куни кеча Чирчиқ шаҳрида жойлашган муассасада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга топширилди.

Мазкур янги кўринишдаги махсус кийим бошнинг ранги ва бичимини танлаш жараёнида, халқаро тажрибалар ўрганиб чиқилди. Кийиб юришга қулайлиги, рангининг инсон кайфияти, онги ва энг асосийси хулқ-атворига таъсирига алоҳида эътибор қаратилди. Албатта, мамлакатимиз иқлим шароитига мослиги ва бошқа майда деталлари ҳам эътибордан четда қолмади.

Жорий йилнинг сентябр ойи якунига қадар синовдан ўтказилиши режалаштирилган янги намунадаги кийим-бош бўйича тажрибанинг софлигини таъминлаш мақсадида нафақат муассаса масъул ходимлари, балки  махсус контингент ҳамда уларнинг яқинлари томонидан келиб тушган таклиф ҳамда билдирилган фикр-мулоҳазаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши белгилаб қўйилган.

Улар томонидан билдирилган фикрлар умумлаштирилиб, синов даврида мазкур янги намунадаги кийим белгиланган талабларга тўлиқ жавоб берадиган бўлса 2019 йилдан бошлаб барча тизим муассасаларига жорий этилиши режалаштирилган.

Агар мазкур тажриба-синов тариқасида қўлланилаётган янги намунадаги кийим бошнинг ранги, бичими юзасидан сизда ҳам ўз таклиф ёки фикр-мулоҳазаларингиз бўлса сайтимизнинг “жамоатчилик фикри” бўлимида ёзиб қолдиришингиз мумкин.