Сайт тест режимида ишлаяпти! Сайт тест режимида ишлаяпти! Сайт тест режимида ишлаяпти!

ЖИЭББнинг асосий вазифалари ва функциялари

1. Қуйидагилар ЖИЭББнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Маҳкумларга нисбатан жиноий жазоларни ижро этиш, қамоққа олинган шахсларни тергов ҳибсхоналарида сақлашни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

Жазони ижро этиш муассасаларида ва тергов ҳибсхоналарида қўриқлаш ва хавфсизликни таъминлаш, маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш;

Маҳкумларни тузатиш, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишини аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек уларга озод этилганидан сўнг ижтимоий мослашишлари учун кўмаклашиш фаолиятини ташкил этиш;

Жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотларини молия-хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳкумларнинг бандлигини таъминлаш;

Кадрларни танлаш ва жой жойига қўйиш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ходимларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини ташкил этиш.

2.  Ўз зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ЖИЭББ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а)  маҳкумларга нисбатан жиноий жазоларни ижро этиш, қамоққа олинган шахсларни тергов ҳибсхоналарида сақлашни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш соҳасида:

судларнинг, шунингдек иш юритувида жиноят иши бўлган бошқа органларнинг ҳукмларини, ажримларини ва қарорларини аниқ ва сўзсиз ижро этиш;

маҳкумларнинг жазони ижро этиш учун ўз вақтида юборилишини, уларнинг жойлаштирилишини, шунингдек маҳкумларнинг ва қамоққа олинган шахсларнинг белгиланган тартибда бир жазони ижро этиш ва тергов ҳибсхонасидан бошқасига кўчирилишини таъминлаш;

амнистия ва афв этиш тўғрисидаги ҳужжатларни ўз вақтида ижросини ташкил этиш;

маҳкумларнинг ва қамоққа олинган шахсларнинг ажратиб қўйилиши, қўриқланиши ва назорат қилинишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органларининг жиноят иш юритуви соҳасидаги халқаро ҳамкорлик билан боғлиқ, шу жумладан чет фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган маҳкумларни топшириш (экстрадиция қилиш) билан боғлиқ қарорларининг ижро этилишини ташкил этиш;

суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлаш бўйича ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиш;

б)   жазони ижро этиш муассасаларида ва тергов ҳибсхоналарида қўриқлаш ва хавфсизликни таъминлаш, маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш соҳасида:

жазони ижро этиш муассасаларида ва тергов ҳибсхоналарида ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни таъминлаш;

жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудларида бўлган маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларнинг, шунингдек ходимлар (ишчилар ва хизматчилар) ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

ЖИЭББ, унинг бўлинмалари ва муассасаларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари, ишлаб чиқаришдаги меҳнатга маҳкумларни жалб этадиган ташкилотлар объектларини назорат қилишнинг замонавий муҳандислик-техник воситаларидан фойдаланган ҳолда лозим даражада қўриқлашни ташкил этиш;

маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларнинг таклиф, ариза ва шикоятларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш;

маҳкумлар ва қамоққа олинган шахслар томонидан жазони ижро этиш, қамоқда сақлашнинг белгиланган тартибига риоя этилишини таъминлаш;

жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида тегишли белгиланган нормаларга мос келадиган ушлаб туриш шарт-шароитларини яратиш;

маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларнинг моддий-маиший таъминотини ва уларга тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил этиш, шунингдек маҳкумларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ва уларнинг мажбурий даволанишини амалга ошириш;

в)   маҳкумларни тузатиш, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишини аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек уларга озод этилганидан сўнг ижтимоий мослашишлари учун кўмаклашиш фаолиятини ташкил этиш соҳасида:

маҳкумлар ўртасида қонунларга итоаткорлик, шахсга, жамиятга, инсоний қадриятлар ва анъаналарга нисбатан ҳурматни шакллантириш, билим ва маданий даражасини оширишга қаратилган тарбиявий-профилактик ва тушунтириш ишларини ташкил этиш;

маҳкумлар ва қамоққа олинган шахслар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ҳуқуқбузарликларни содир этилишига имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этиш;

жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида тезкор-қидирув фаолиятининг самарадорлигини тизимли равишда таҳлил қилиш;

жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарига тақиқланган предметларнинг (наркотик воситалар, психотроп, портловчи ва заҳарли моддалар, диний-экстремистик характердаги адабиётлар ва бошқалар) кириб келиш йўлларини аниқлаш ва бартараф этиш;

маҳкумлар ва қамоққа олинган шахслар ўртасида ҳуқуқий тарғибот бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

маҳкумларни озод этилганидан сўнг кейинчалик ишга жойлаштириш мақсадида уларни меҳнат бозорида талаб бўлган касбни эгаллашлари учун касбга тайёрлашни ташкил этиш;

жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналаридан қочган маҳкумлар ва қамоққа олинган шахслар, шунингдек манзил-колонияларда сақланаётган ва ушбу муассасалар ҳудудини ўзбошимчалик билан тарк этган маҳкумларни қидириш ва ушлашни мувофиқлаштириш;

г)   жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотларини молия-хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳкумларнинг бандлигини таъминлаш соҳасида:

молиявий-иқтисодий фаолиятни ташкил этиш ва бухгалтерия ҳамда статистик ҳисоботларни лозим даражада юритиш, олиб борилаётган молиявий ва хўжалик фаолиятини мақсадга мувофиқлиги ҳамда қонунчиликка мослиги устидан назорат қилишни таъминлаш;

жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотларида ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш;

ЖИЭББ, унинг бўлинмалари ва муассасаларини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, мол-мулкдан мақсадга мувофиқ тарзда фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш ва қўриқлаш, шунингдек уларни сақланиши ва оқилона ишлатилиши бўйича зарур чоралар кўриш;

шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш;

жазони ижро этиш муассасалари моддий-техник базасининг ривожлантирилиши ва такомиллаштирилишини таъминлаш, ишлаб чиқариш фаолиятига фан ва техника ютуқларини, илғор тажриба ва технологияларни, бошқарувнинг янгича усул ва шаклларини жорий қилиш;

ўз ишлаб чиқариш (қишлоқ хўжалиги) участкаларида, алоҳида ҳолларда эса бошқа корхоналарда маҳкумларнинг ахлоқий ва моддий манфаатдорлиги учун шарт-шароитлар яратиш йўли билан уларнинг иш билан бандлигини ташкил этиш.

д)   кадрларни танлаш ва жой жойига қўйиш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ходимларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини ташкил этиш соҳасида:

ЖИЭББ, унинг бўлинмалари ва муассасалари ахборот-таҳлилий ишларини ташкиллаштириш, уларнинг фаолиятини режалаштириш ва прогноз қилиш;

жиноий жазони ижро этиш ва қамоқда сақлаш фаолиятини ташкил этиш ва таъминлаш бўйича услубий материаллар ишлаб чиқиш;

кадрларни танлаш ва жой жойига қўйиш, уларни қайта тайёрлаш ва жанговар, жисмоний ҳамда ижтимоий-сиёсий тайёргарлиги, профессионал даражасини ошириш бўйича тадбирлар ташкил қилиш;

ЖИЭББ, унинг бўлинмалари ва муассасалари шахсий таркибининг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлигини ошириш, фавқулодда вазиятларда куч ва воситаларнинг ҳаракатланиш учун шайлиги устидан назорат қилиш;

ходимлар (ишчилар ва хизматчилар) ва уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоясини ҳамда шахсий хавфсизлигини таъминлаш;

ходимлар ўртасида ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга ошириш, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилишларини таъминлаш;

ходимларни ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ишларини ташкил қилиш.

ЖИЭББ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.