Сайт работает в тестовом режиме! Сайт работает в тестовом режиме! Сайт работает в тестовом режиме!

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ “ҚИЙНОҚЛАР ТЎХТАТИЛСИН” САРЛАВҲАЛИ ПОСТГА МУНОСАБАТ

2019 йилнинг 24 ноябрь куни “Фейсбук” ижтимоий тармоғида Делча Юсупова исмли фойдаланувчи томонидан “Қийноқлар тўхтатилсин” сарлавҳаси остида пост қолдирилган. 

Мазкур материални ўзининг “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойлаштирган Д. Юсупова ушбу постни “Мессенжер”ига бошқа бир шахс йўллаб, ундан аноним тарзда эълон қилишини сўраганлигини билдириб ўтган. Ижтимоий тармоққа жойлаштирилган ушбу пост мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, унда Навоий вилоятидаги 29-сонли Жазони ижро этиш муассасасида маҳкумларга нисбатан турли қийноқлар, тазйиқлар қўлланилиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига амал қилинмаётгани баён этилган. 

Аслида, Навоий вилоятида бугунги кунда 29-сонли жазони ижро этиш муассасаси мавжуд эмас, яъни, аввалги 29-сонли муассаса 2018 йилнинг 6 ноябрь кунидан 4-сонли жазони ижро этиш колониясига ўзгартирилган.

Шунингдек, ушбу постда колонияда ички кун тартиби масъул ходимлар томонидан бузилиб, бошқа мажбурлов чоралари ҳам қўлланилаётганлиги айтиб ўтилган. Бугунги кунда сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш, маҳкум ва маҳбусларга нисбатан қийноққа солиш, тазйиқ ҳамда бошқа қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллашнинг олдини олиш мақсадида республикамиздаги мавжуд барча жазони ижро этиш муассасаларининг (МК, ТҲ) яшаш саҳнларига (ётоқхона, ошхона, ювиниш хонаси в.ҳ) замонавий, овоз ёзиш имкониятига эга бўлган видеокамералар ўрнатилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг жазони ижро этиш фаолиятини мониторинг қилиш борасидаги ваколатлари кенгайтирилиб, Омбудсман томонидан муассасаларга монеликсиз ташриф буюриши белгиланган ва маҳкумларнинг мурожаатлари вакил томонидан мунтазам равишда ўрганилиб келинмоқда.

Шунингдек, ушбу муассаса биносида қамоққа олинганларни сақлаш ва жазони ижро этиш жойларида қонунларга риоя этилиши устидан назорат бўйича Навоий прокурори хизмат хонаси жойлашган бўлиб, у ердаги ички кун тартиби махсус прокурор томонидан доимий назорат қилиб борилади.

Бундан ташқари, постда “Касалларимиз қоғозда санчастда ётади. Аслида ҳамма мажбурлаб ишга ҳайдалади. Ҳатто иккинчи отрядда икки оёғи йўқ тоға ҳам минг ялинсаям ҳар куни ишга чиқарилади” деган иддаолар ҳақиқатдан йироқ.

Навоий вилоятидаги 4-сон жазони ижро этиш колониясининг нафақат 2-туркумида, балки умуман колонияда жазо муддатини ўтаётганлар орасида икки оёғи йўқ, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган маҳкумлар мавжуд эмас.

Шунингдек, жорий 2019 йил давомида маҳкумлар томонидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари умуман кузатилмаган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Д.Юсупова ўз мессенжерига юборилган асослантирилмаган, ёлғон маълумотларни “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойлаштирилиб аноним маълумотлар тарқатиш орқали, тизим фаолиятига таъсир ўтказиш мақсади мужассам деган хулосани келтириб чиқаради.

Ушбу сохта ва ишончсиз маълумотлардан сўнг мазкур постда ёзиб қолдирилган бошқа маълумотларга бирма-бир изоҳ бериб ўтириш лозим топилмади.

Шундай экан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли сохта маълумотларга учиб, асоссиз хабарларни шошмашошарлик қилиб ўз саҳифаларига жойламасликларини сўраб қоламиз. Шунингдек, ёлғон маълумот, тухмат учун қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.

  ИИВ ЖИЭББ