Сайт работает в тестовом режиме! Сайт работает в тестовом режиме! Сайт работает в тестовом режиме!

НАВБАТДАГИ САЙЁР ҚАБУЛ НАВОИЙДА

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизм ва усуллари жорий этилгани мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Одамларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш юртдошларимизнинг адолатга, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. 

Давлатимиз раҳбари кўрсатмасига асосан ҳудудларни комлекс ривожлантириш, аҳоли мурожаатларини ўрганиб чиқиш мақсадида ташкил этилган республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 14-15-ноябр кунлари Навоий вилоятида ўтказилган сайёр қабул жараёнида ҳам аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлиш, фуқароларнинг шикоятларини атрофлича ўрганиш, уларни ўйлантираётган масалалар ечимини топиш, ҳар бир мурожаатнинг илдизига етиб бориш вазифалари асосий мақсад қилиб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуртура ва ички ишлар вазирлигининг мутассади раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари икки кун давомида вилоят ҳамда туман халқ қабулхоналарида бўлиб, фуқароларнинг мурожаатлари ва шикоятларини қабул қилишди, 63 нафар фуқароларга тегишли судларга мурожаат этиш ҳуқуқлари ва тартиблари тушунтирилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судларида жами: 96 та фуқаролик иши кўриб чиқилди. Шулардан 17 таси никоҳни бекор қилиш боғлиқ ишлардан иборат бўлиб, суд жараёнида 4 нафар оилани яраштиришга эришилди. Шунингдек, сайёр суд мажлислари давомида Навоий вилоят маъмурий судлари томонидан 163 нафар шахсга нисбатан 126 та маъмурий ишлар кўриб чиқилган бўлса, шундан 56 нафар шахс огоҳлантирилди ва маъмурий ишлар ҳаракатдан тўхтатилди.

Навоий вилоят иқтисодий суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлислари давомида икки кун давомида 62 та иқтисодий ишлар кўрилиб, даъвогарлар фойдасига 4495,3 млрд сўм маблағлар ундирилди.

Албатта, бу каби халқчил сиёсат ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган жараёнлар жазони ижро этиш тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Хусусан, ишчи гуруҳ вакиллари Навоий вилоятида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб, сайёр судлар ташкил этишди. Ушбу бағрикенглик тамойилларига таянган ҳолда ўтказилган тадбирлар давомида  жазо муддатини ўташ даврида тузалиш йўлига ўтган ҳамда қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган  47 нафар маҳкум жазони ижро этиш муассасидан озод қилинди. 20 нафарининг сақлаш шароитини енгиллаштириш бўйича киритилган тақдимномалар қаноатлантирилди.

Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судларида жами 27 нафар шахсга нисбатан 17 та жиноят иши кўрилган бўлиб, шундан 20 нафар фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишидан 10 таси тугатилди. 7 та жиноят ишлари тарафларнинг ярашуви асосида ҳаракатдан тўхтатилди. 5 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди. Бундан ташқари, судлар томонидан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳамда жазони енгилроғи билан алмаштириш билан боғлиқ материаллар ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, қонунчиликка асосан ижобий ҳал этилди.

Мухтасар айтганда икки кун давомида Навоий вилоятида ташкил этилган сайёр йиғилишларда фуқароларнинг дарду ташвишлари эшитилди ҳамда уларга имкон даражасида ўша куннинг ўзидаёқ амалий ёрдамлар кўрсатилди. Вақт ва ўрганиш талаб этиладиганлари ижроси бўйича мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.

Бугун Навоий вилоят аҳолиси халқ билан очиқ мулоқот ташаббускори, мурожаатларнинг ижобий ечимини топган, эл дарди ва ташвиши билан яшаётган Юртбошимиздан беҳад миннатдор.